Қозоғистоннинг Атирау вилоятида Хоразм савдо уйи очилади

Хоразм вилояти ўзининг қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Атирау вилоятига экспорт қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Қозоғистоннинг Атирау вилоятида Хоразм савдо уйи очилади. Бу ҳақда Хоразм вилояти делегациясининг Қозоғистоннинг Атирау ва Манғистау вилоятлари расмийлари учрашувида маълум қилинди.
“Дунё” АА хабарига кўра, учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида ҳамкорлик истиқболлари юзасидан музокаралар олиб борилган.
“Хусусан, Хоразм вилояти делегациясининг Атирау вилоятига қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича билдирган тижорат таклифлари, шунингдек, Атирау вилоятида Хоразм вилоятининг савдо уйини очиш ва вилоятда қўшма иссиқхона комплексини ташкил этиш ташаббуслари Атирау вилояти акими томонидан қўллаб-қувватланди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек. Хоразм вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти салоҳияти ва Атирау вилоятидаги савдо марказларининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув сўнггида Хоразм вилоятининг “Agro Land Max” ФХ ва Атирау вилоятининг “Асил Арба” МЧЖ ўртасида Атирау вилоятига 1 миллион 27 минг АҚШ доллар қийматдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилиши хабар қилинган эди.