Ўзбекистон Кобул масжидида шом намози вақтида содир этилган терактни қоралади

Кобул шимоли-шарқидаги масжидда рўй берган портлаш оқибатида 21 киши ҳалок бўлган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 17 август куни Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги масжидлардан бирида содир этилган портлаш юзасидан баёнот билан чиқди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Кобулдаги масжидлардан бирида шом намози вақтида содир этилган портлаш оқибатида кўп сонли инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилган.
“Мазкур террорчилик хуружини қатъий қоралаймиз ҳамда ушбу ваҳшиёна хатти-ҳаракатнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш бўйича барча чоралар кўрилишига умид қиламиз”, - дейилган хабарда.
Вазирлик ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Кобул шимоли-шарқидаги масжидда рўй берган портлаш оқибатида 21 киши ҳалок бўлган. Камида 40 киши жароҳат олган.