Гутерриш Запорожье АЭСига келишга таклиф қилинди

Рогов: Гутерриш маҳаллий аҳолининг Украина таркибида қолишни истамаслигини, тарихий ватанига, Россияга қайтишга ҳаракат қилаётганини шахсан текшириши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Запорожье вилоятига ташриф буюриб, маҳаллий аҳолининг энди Украина таркибида қолишни истамаслигини шахсан текшириши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости агентлигига вилоят маъмурияти бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов маълум қилди.
Гутерриш бугун Украинага ташрифи доирасида Львовда Туркия етакчиси Ражаб Таййип Эрдоған ва Украина президенти Владимир Зеленский билан уч томонлама учрашувда иштирок этади. Гутерриш эртага, 19 август куни Одессага ташриф буюради.
“Биз БМТ Бош котибининг ташрифини кўришдан хурсанд бўламиз ва минтақамиз тинч ҳаётга интилаётгани ва Зеленский жангарилари бунга йўл қўймаслик учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини кўрсатишга тайёрмиз. Гутерриш маҳаллий аҳолининг Украина таркибида қолишни истамаслигини, тарихий ватанига, Россияга қайтишга ҳаракат қилаётганини шахсан текшириши мумкин”, деди Рогов.
Унинг сўзларига кўра, БМТ Бош котиби ташриф давомида Украина армияси томонидан мунтазам равишда ўққа тутилаётган Запорожье атом электр станциясига ҳам ташриф буюриши мумкин.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқларнинг эркинлик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини кафолатлашга чақирилганига қарамай, жаноб Гутерриш ўзини бизни эшитмагандай қилиб кўрсатишидан қўрқаман”, деди Рогов.
Махсус операция давомида рус ҳарбийлари Херсон вилояти ва Запорожье вилоятининг Азов қисмини назоратга олди, Херсон, Мелитополь ва Бердянск каби йирик шаҳарларни эгаллаб олди. Ҳар икки вилоятда янги маъмуриятлар шакллантирилди, Россия телеканаллари ва радиостанциялари эфирга узатилмоқда, Қрим билан савдо ва транспорт алоқалари тикланмоқда. Вилоятлар Россия таркибига кириш режаларини эълон қилди. Бундан ташқари, саккиз йил ўтгач, Шимолий Қрим канали блокдан чиқарилди.