ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Эндиликда Ўзбекистондаги зиёратгоҳлар ҳақидаги маълумот билан ягона миллий туристик ахборот порталида танишиш мумкин бўлади. Бу ҳақида Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
“Uzbekistan.travel” ягона миллий туристик ахборот порталига зиёратгоҳлар номи, объектнинг ташқи томондан кўриниши акс этган суратлари, манзили ҳамда объект тўғрисида қисқача маълумотлар жойлаштирилди.
Ушбу маълумотлар республика ҳудудларининг зиёратгоҳларига “чорловчи нуқта” сифатида хизмат қилади.
Ундан ташқари ушбу порталда Ўзбекистон табиати, миллий таомлари, урф-отатлари ҳамда сайёҳлик инфратузилмаси ҳақида туристларни қизиқтирган маълумотлар жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хорижликларнинг Ўзбекистонга авиачипталарни қидириш ва брон қилиш кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 2,4 баробар ошгани маълум қилинганди. Мамлакатга сайёҳлар асосан Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Беларус ва АҚШдан келмоқда.