Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фаолияти фавқулодда тўхтатилди

Бунинг натижасида айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (ИЭС) фаолияти фавқулодда тўхтатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, "Ўзтрансгаз" АЖга қарашли магистраль газ қувури ўтган ер майдонида номаълум шахслар келишмасдан ерни қазиш ишларини олиб боришган. Бунинг натижасида газ қувурига шикаст етган.
Таъкидланишича, бу газ қувури Тўрақўрғон ИЭСни ёқилғи билан таъминлайди. Мазкур газ қувурига етказилган шикаст натижасида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фавқулодда тўхтатилган.

"Ҳозирги вақтда носозликларни бартараф этиш, шунингдек, электр таъминоти учун захира қувватларини ишга тушириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.Бошқа электр станцияларида захира энергоблокларини улаш бўйича ишларни бажариш учун маълум вақт зарурлигини инобатга олган ҳолда, айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин", - дейилган хабарда.

Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.