Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқаролардан норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни ва шубҳали буюмларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бермасликни сўрамоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни сўраб, огоҳликка чақирди.
Агентлик хабарига кўра, Россияда тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш таклифлари кўпайган. Ўзбекистон фуқаролари орасида интернет орқали катта миқдордаги пул эвазига маҳсулотларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш ҳақидаги эълонлар бўйича муаммолар юзага келмоқда.
“Мурожаатлардан маълум бўлмоқдаки, норасмий курьерлик хизматларида наркотик ёки тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш (закладка) таклиф қилинмоқда ва бунинг оқибатида полиция ходимлари томонидан курьерлар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда”, - дейилади хабарда.
Агентлик фуқаролардан норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни, катта миқдордаги пул эвазига шубҳали буюмларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бермасликни ёки маҳсулотни албатта текширишни сўраган.
Қайд этиш жоизки, Россия қонунчилигига кўра, наркотик моддаларни сотиш ёки етказиб бериш учун узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган.