ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар миллий тўлов тизимларининг мослигига эришишда давом этади. Бу ҳақида Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида ШҲТ давлатлари турли чақириқларга муваффақиятли дош беришга қодирлигини исботлади. Ҳозирги шароитда ҳам мамлакатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.
Шундай қилиб, 2021 йилда Россиянинг ШҲТ билан ташқи савдо айланмаси учдан бир қисмга ўсиб, 192 млрд долларни ташкил этди. Бу йил ҳам ўсиш давом этмоқда.
“Молия соҳасида биз миллий тўлов тизимларимиз тўлиқ мос бўлиши, миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китоблар ҳажмини муттасил ошириб боришга эришишда давом этамиз”, дейди Решетников.
Россия вакили ўз сўзида, шунингдек, банклар ўртасидаги узлуксиз операцияларни таъминлаш учун ташкилот иштирокчиларини Россия молиявий хабарларни узатиш тизимига қўшилиш таклифини берди.
“Иқтисодиётда кадрлар салоҳиятини ривожлантириш алоҳида йўналишдир. Шу мақсадда, Россия янги ташкилот - Малака ва касбларни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик ассоциациясини тузмоқда. Режалар юқори стандартлар ва илғор жаҳон тажрибаси асосида кадрларни жамланган ҳолда тайёрлашни ўз ичига олади. Мамлакатларингизни ассоциация таркибида кўришдан хурсанд бўламиз”, - дея қўшимча қилди Решетников.