Мирзиёев Путин билан телефон орқали суҳбатлашди: етакчилар нималарни муҳокама қилишди

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия етакчилари, энг аввало, амалий шерикликни аниқ, сифатли мазмун билан бойитиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 август куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, президентлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқишди, минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашишди.
Мирзиёев ва Путин олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистон ва Россиянинг ҳудудлари ва тадбиркорлари даражасидаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратишди.
"Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия етакчилари, энг аввало, амалий шерикликни аниқ, сифатли мазмун билан бойитиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш орқали мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар", - дейилган хабарда.
Шунингдек, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Айни пайтда савдо кўрсаткичларининг ўсиши юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда. Ҳудудлар ўртасида фаол ва самарали алмашинувлар амалга оширилмоқда, шу йилнинг кузида учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилган. Муҳим инвестицион лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурлар давом эттирилмоқда.