Игорь Савицкий ҳайкалини яратиш бўйича танлов эълон қилинди

Бадиий академия Қорақалпоғистон давлат санъат музейи асосчиси Игорь Савицкий ҳайкалини яратиш бўйича танлов эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистондаги давлат санъат музейи асосчиси, Ўзбекистон санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ рассоми Игорь Витальевич Савицкийнинг ҳайкалини яратиш бўйича ижодий танлов эълон қилди.
Танлов шартларига кўра, ҳайкал юксак эстетик талаб даражасида, бетакрор бадиий-меъморий ечимга ва бадиий ғоя изчиллигига эга бўлиши керак.
Ижодий танловда йўналиш бўйича мутахассис ҳайкалтарошлар, монументал санъат соҳасида ҳамда ва замонавий шаҳарсозликда ҳайкалларни ўрнатиш бўйича тажрибага эга мутахассислар иштирок этишлари мумкин.
Лойиҳа эскизларининг танловга мўлжалланган модели кўчириш ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган исталган материалдан тайёрланишига рухсат берилган.
Ҳайкал Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ҳудудида ўрнатилади.
Танловга тақдим этиладиган эскиз лойиҳалари 2022 йилнинг 5 октябрига қадар қабул қилинади ва Ўзбекистон Бадиий академиясига топширилади.
Маълумот учун, бу йил Игорь Савицкий таваллудининг 107 йиллиги нишонланди.
2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан Савицкий вафотидан кейин мамлакатнинг энг олий мукофотларидан бири – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.