ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Жиззахдаги "Фориш" полигонида ўтказилаётган “Қуролсоз уста” мусобақасининг биринчи босқичида Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўзаро беллашишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мусобақа аввалида дастлаб 8 нафардан иборат ҳарбий хизматчи 122 миллиметрли Д-30 гаубицасини юриш ҳолатдан жанговар ҳолатга ўтказишди.
Конкурс "Мастер-оружейник"
© Министерство обороны Узбекистана
Сўнг стволни таъмирлаш автомобили ёрдамида захира стволга алмаштиришди. Бу гаубица "КамАЗ-43118" автомобилида шатакка олган ҳолда автодром бўйлаб 4200 метр масофада жойлаштирилган тўққиз дона тўсиқлардан (чуқурлик, тирсакли кўприк билан, минали майдон, қиялик, баландлик, автомобиль учун пана жой, заҳарланган ҳудуд, илон изи, габаритли каридор ва сув тўсиқлари) ўтиб меъёрларни бажаришди.
Дастлабки майдонга етиб келиб қурилмани юриш ҳолатидан жанговар ҳолатга ўтказишиб, отиш механизмларидаги носозликларни бартараф қилиб, белгиланган йўналиш томон пахтавон ўқ-дорилардан ўқ-отиш билан якунлади.
Конкурс "Мастер-оружейник"
© Министерство обороны Узбекистана
Якунга кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси 19 дақиқа 58 сония билан биринчи ўринни қўлга киритди. Россия терма жамоа 35 дақиқа 47 сония натижа билан иккинчи бўлди.
Бу кўрсаткич билан ўзбекистонлик ҳарбийлар Россия вакиллари 2020 йилда ўрнатган 22 дақиқа 02 сония бўлган рекордни ҳам янгилашди. Қолаверса, II даражали сержант Бектош Омонов “Энг илғор артиллерия бўлинмаси ҳайдовчиси” номинацияси ғолиб бўлиб, 2021 йил Эронда ўрнатилган 2 дақиқа 52 сония рекорд натижасини 2 дақиқа 11 сония натижа кўрсатиб янгилади.