Хитойдан Ўзбекистонга янги темир йўли орқали юк поезди йўл олди

Поезд тахминан 20 кундан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистонга етиб келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Шарқий Хитойда жойлашган Цзянсу провинциясидаги Уси шаҳридан чиққан юк поезди Марказий Осиё томон йўл олди. Бу ҳақида “Дунё” АА "Жэньминь жибао" газетасига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, поезд тахминан 20 кундан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистонга етиб келади.
Поездга 1 минг тоннадан зиёд юк жойлаштирилган. Улар умумий бозор қиймати 30 млн юан (тахминан 4.4 млн доллари) миқдорига тенг бўлган маиший техника ва автомобиллар эҳтиёт қисмлардан иборат.
Уси шаҳридаги Ғарбий логистика паркидагилар томонидан маълум қилинишича, пандемия бошланганидан кейин маҳаллий ташқи савдо корхоналари товарларни экспорт қилишда қийинчиликларга дуч кела бошлашган.
Юк ташувчи янги темир йўлининг пайдо бўлиши эса ушбу корхоналар учун янги имкониятларни яратмоқда.