ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. "Ер усти ҳалқа йўли" йўналишида 16 августдан 5 сентябрга қадар поездлар тунги соат 23:00га қадар йўловчиларга хизмат кўрсатади. Бу ҳақида “Toshkent metropoliteni” хабар берди.
Қайд этилишича, "Ер усти ҳалқа йўли" йўналишидаги йўлларни кўрикдан ўтказиш ва бажаралиши лозим бўлган техник ишлар сабабли иш вақтига ўзгартириш киритилди.
Маълумот учун, ҳозирда Тошкент метроси тонги соат 05:00 дан тунги соат 00:00 га қадар ишламоқда.
Поездлар ҳаракати оралиқ интерваллари:
Чилонзор йўналиши 3-4 дақиқа;
Ўзбекистон йўналиши 4-5 дақиқа;
Юнусобод йўналиши 7-8 дақиқа;
Ҳалқа йўли 10-11 дақиқа.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ерусти метросининг иккинчи босқичи доирасида бешта бекатни шу йил якунида ва қолган иккитасини келгуси йил Наврўзда ишга тушириш мўлжалланган. Бу орқали 62 та маҳалладаги 250 мингга яқин аҳоли метрополитен билан қамраб олиниши кутилмоқда.