ССВ вакцина олганларга пул берилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Вазирлик вакцина олганларга 750 минг сўмдан пул берилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцина олганларга пул берилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда вакцина олган фуқароларга 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Вазирликнинг расмий веб-сайти билан бир хил дизайнда тайёрланган саҳифанинг асосий фонида вакцина олганларга пул маблағи берилиши айтилган.

“Ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар такроран тарқатилмоқда. Эндиликда улар интернетда вазирлик номидан махсус саҳифа очиб, аҳолини ўз тузоғига илинтиришга уриняпти”, дейилади хабарда.

Вазирлик аҳолини интернетдаги фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.
Маълумот учун, вакцинация жараёнлари билан боғлиқ энг тўғри маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ssv.uz сайти ҳамда telegram’даги саҳифаси орқали олиш мумкин.