ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти 22 август куни бўлиб ўтиши мўлжалланган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Ўтган йили президентнинг мутлақо янги форматдаги учрашуви - тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши йўлга қўйилган эди. Биринчи шундай учрашув ўтган кун - 20 август эса мамлакатда Тадбиркорлар куни деб белгиланди.
“Жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашиб, соҳадаги муаммо ва вазифаларни таҳлил қиладилар, бизнес вакилларининг таклиф ва ташаббуслари билан танишиб, янги ечимларни кўрсатадилар, тадбиркорлик ривожига хизмат қиладиган қарорларни қабул қиладилар”, - деди Асадов.
Таъкидланишича, бўлажак учрашувга тадбиркорлардан республика штабига қарийб 8,5 мингта мурожаат келиб тушган, уларнинг 72 фоизи ҳал этилган.