Пекин Вашингтонни олов билан ўйнашишдан огоҳлантирди

Кеча Тайванга Эд Маркс бошчилигидаги АҚШ Конгрессининг беш аъзоси ташриф буюрди. Хитой томони бунга муносабат билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Пекин Вашингтонни мамлакат ички ишларига аралашишни бас қилишга ва “ягона Хитой” сиёсатига амал қилишга чақирмоқда, дея ёзиб қолдирди Хитой ҳукуматининг Корея яримороли бўйича махсус вакили Лю Сяомин ўзининг Twitterдаги саҳифасида.
Кеча, 14 август куни Тайванга Эд Маркс бошчилигидаги АҚШ Конгрессининг беш аъзоси ташриф буюрди, улар оролда 15 августгача қолади. Лю Сяомин АҚШ конгрессменларининг Тайванга навбатдаги сафарини шундай изоҳлади:

“Бу олов билан ўйнашишга ўхшаш жуда хавфли ҳаракат. Олов билан ўйнашганлар ҳалок бўлади. Биз манфаатдор давлатларни “Ягона Хитой” сиёсатига риоя қилишга, Тайвань билан боғлиқ масалаларни тўғри ҳал қилишга ҳамда Пекиннинг ички ишларига аралашишни бас қилишга чақирамиз”, - деди Лю Сяомин.

Шунингдек, у Хитойнинг бирлашишига тўсқинлик қилмоқчи бўлган ҳар бир киши мамлакатдаги 1,4 миллиарддан ортиқ аҳоли қўли билан қурилган “буюк пўлат девор”га дуч келишини қўшимча қилди.
Тайвань атрофидаги вазият АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг яқинда қилган сафаридан кейин кескинлашди — у сўнгги 25 йил ичида оролга ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик амалдорга айланди.
Оролга ташриф Тайвань бўғозидаги кескинликнинг янги босқичига туртки бўлди. 4 августдан бери Хитой армияси Тайвань қирғоқларида машғулотлар ўтказмоқда. Бундан ташқари, Пекин Пелосининг ўзига, унинг қариндошларига ҳамда Тайваннинг иккита жамғармасига қарши санкциялар киритган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийси ташрифининг барча салбий оқибатлари учун жавобгарлик Вашингтон ва Тайбэйга юкланган.
Хитой Тайвань суверенитетини тан олмайди, уни ўз провинцияси деб ҳисоблайди ҳамда оролнинг бошқа давлатлар расмийлари ва ҳарбийлари билан ҳар қандай алоқасига қатъиян қарши чиқади.