Ўзбекистонда илк бор трансплантология ва кардиохирургия бўйича мутахассислар тайёрланади

Мамлакатда "Трансплантология" ва "Кардиохирургия" мутахассисликлари бўйича клиник ординатура мутахассислиги бўйича таълим олиш йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2022/2023-ўқув йилидан илк бор трансплантология ва кардиохирургия бўйича мутахассислар тайёрланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий ўқув йилидан академик B.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида "Трансплантология" ва "Кардиохирургия" мутахассисликлари бўйича клиник ординатура (резидентура) мутахассислиги бўйича таълим олиш йўлга қўйилади.
Муассасаларга соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан маҳаллий ва халқаро тажрибага асосланган ҳолда ушбу мутахассисликлар бўйича ўқув дастурлари тузиш топшириғи берилди.
"Кардиохирургия" ва "Трансплантология" мутахассисликларининг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда уларга фақатгина "Хирургия" бўйича магистратура ёки "Умумий хирургия" клиник ординатура (резидентура)ни битирган мутахассислар ҳужжат топшира олади.
Номзодлар умумий танлов асосида қабул қилиниши белгиланган бўлиб, бу йўналишларда амалиётга йўналтирилган ўқув жараёни 3 йил давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрида президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга олдига Ўзбекистонда органлар трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиётларни ривожлантириш вазифасини қўйган эди. Мамлакатда йилига 500 нафар бемор жигар, 1 минг 500 нафар киши буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтожлигини билдирмоқда.