ТОШКЕНТ, 13 авг - Sputnik. Ахборот технологиялари соҳасида билим олишни истаган ёшлар учун имтиёзли кредитла ажратилади. Бу ҳақида президент имзолаган янги қарорда айтиб ўтилган.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилсин, дейилган Қарор матнида.
Ушбу кредтлар тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозитлар ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.
Нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ёшларга таълим кредити БҲМнинг 65 бараваригача миқдорда 4 йил муддатга ажратилади.
Кредитла Ўзбекистон фуқаролари ёки Ўзбекистонда доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган ёшларга ажратилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олишга ажратиладиган таълим кредити учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
Шунингдек, АТ “Халқ банки”, АТ “Алоқа банк” ва “Микрокредитбанк” АТБнинг 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратиши ҳам белгиланган.