Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 0,9 %га камайди

Ишлашни хоҳламайдиган ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар сонида 183,6 минг кишига камайиш кузатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 0,9 фоизга камайди. Бу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этган. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга кам. Бундай ҳулосага республиканинг 108 та шаҳар ва туманида ўтказилган навбатдаги ижтимоий сўров натижасида келинди.
Тадқиқот жараёнига қуйидагилар қамраб олинди:
Ўзини-ўзи бошқариш органи - 500 та;
Уй хўжалиги - 5,0 минг та;
Фуқаро - 26,5 минг нафар.
Меҳнат ресурслари сони 1 июнь ҳолатида 19 453,3 минг кишини ташкил этган. Бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 153,7 минг кишига ошган.
Турли тармоқларда банд бўлган фуқароларга оид кўрсатгичлар:
Иқтисодиёт тармоқлар - 13 773,6 минг киши ( + 261,3 минг);
Расмий сектор - 6 074,4 минг киши (+ 240,6 минг);
Норасмий сектор - 5 690,3 минг киши (-507,5 минг).
Бунда асосан, норасмий тарзда фаолият кўрсатаётган фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ҳамда бўш турган ерларни экин майдонлари сифатида деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш учун ажратиб берилиши ҳисобига эришилган.
Шунингдек, хорижга ишлаш учун кетганлар 2008,8 минг кишини ташкил этган. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошган.
Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 326,6 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни ташкил этди.
Ишсизлик даражаси:
16-30 ёшгача бўлганлар орасида - 14,5 фоиз;
Аёллар орасида - 12,8 фоиз.
Қолаверса, республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4 353,2 минг кишига етган.
Бунда ишлашни хоҳламайдиган ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар 183,6 минг кишига камайган. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган талабалар ҳамда туғруқ таътилидаги аёллар сони эса 222,4 минг кишига ошган.