Буғдой ва маккажўхори ортилган 2 та кема Украина портларидан чиқиб кетди

Буғдой ортилган SORMOVSKY кемаси Черноморск портидан чиқиб Текирдоғга йўл олди. STAR LAURA кемаси ҳам 60 минг тонна маккажўхори билан Эронга йўл олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Озиқ-овқат бўйича келишув доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлган иккита қуруқ юк кемаси Украина портларидан чиқиб кетди. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлиги хабар берди.
“3050 тонна буғдой ортилган Белиз байроғи остидаги SORMOVSKY кемаси Черноморск портидан чиқиб Текирдоғга йўл олди. Маршалл ороллари байроғи остидаги STAR LAURA кемаси ҳам 60 минг тонна маккажўхори билан Эронга йўл олди”, дейилади хабарда.
Украина Қора денгиз портларидан озиқ-овқат олиб кетаётган барча кемалар аввал Босфор бўғозига боради, у ерда улар мувофиқлаштириш маркази вакиллари томонидан текширилади, сўнгра йўналиш бўйлаб давом этади.
Ғалла ташиш Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакиллари 22 июль куни Истанбулда икки пакетли битим имзолаганидан сўнг мумкин бўлди. Улардан бири Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича чекловларни олиб ташлашни назарда тутади, иккинчиси эса Украина назоратидаги Қора денгиз портларидан махсус яратилган денгиз гуманитар йўлаклари бўйлаб тижорат кемаларининг хавфсиз чиқиши алгоритмини белгилайди.
БМТ бош котиби ўринбосари, Африка иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Вера Сонгвенинг сўзларига кўра, “озиқ-овқат келишуви”нинг амалга оширилиши 23 миллион тонна Украина ғалласини жаҳон бозорларига етказиб бериш имконини беради.