АҚШнинг Хитойга қарши кураши яхшилик билан тугамайди - Ван И

Тайвань билан провокация қилиш АҚШга ишончни янада пасайтиради, 1,4 миллиарддан ортиқ хитойликларга қарши кураш ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди, - деди Ван И.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. АҚШнинг 1,4 миллиарддан ортиқ хитойликларга қарши кураши яхшилик билан тугамайди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И маҳаллий ОАВга берган қўшма интервьюсида маълум қилди.

“(АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси – таҳр.) Пелоси Тайванга ташриф буюрди, сиёсий провокация уюштирди ва Тайвань бўғозида кескинликни келтириб чиқарди. Ўз мажбуриятларини бузиш ва Тайвань масаласида қасддан провокация қилиш АҚШга ишончни янада пасайтириши мумкин. 1,4 миллиарддан ортиқ хитойликларга қарши кураш ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди”, - деди Ван И.

У АҚШнинг юқори мартабали сиёсатчисининг Тайванга ташрифига Хитойнинг жавобини оқилона, зарур ва ўринли деб атади.
Дипломатнинг тушунтиришича, Пекин томонидан кoрилаётган қарши чоралар Тайвань бўғозида тинчлик ва минтақавий барқарорликни сақлашга қаратилган. Шунингдек, у ички ишларга аралашмаслик тамойили давлатлараро муносабатларнинг “олтин қоидаси” эканлигини таъкидлади.
“Хитой томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, халқаро муносабатларнинг асосий меъёрларини қўллаб-қувватлайди, халқаро адолат ва холисликни ҳимоя қилади”, деди Ван И.
Нэнси Пелоси август ойи бошида Тайванга ташриф буюрган эди. Унинг ташрифи 1997 йилда Ньют Гингричдан кейин АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг Тайванга биринчи ташрифи бўлди. Оролни ўз провинцияси деб билган Хитой Америка расмийларининг бу қадамига жавобан давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирган.
Ташрифга жавобан Пекин ҳарбий машғулотлар бошланганини эълон қилди, шунингдек, Тайваннинг иккита жамғармасига, Пелосининг ўзи ва унинг яқин қариндошларига қарши санкциялар жорий қилди, Вашингтон билан иқлим ўзгариши бўйича музокараларни ва қатор ҳамкорликларни тўхтатди.
Бундан ташқари, Хитой Тайванга табиий қум экспортини ва оролдан цитрус мевалари ва баъзи балиқ маҳсулотлари импортини тўхтатди.