ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. “Зарафшон” миллий табиат боғи Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказилди. Бу бўйича ҳукуматнинг 442 - сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Жомбой ва Булунғур туманларида жойлашган "Зарафшон" миллий табиат боғи Экоқўмитага таркибига киритилди.
Экоқўмита 3 ой ичида боғ бўйича низом ишлаб чиқади ва уни давлат рўйхатидан ўтказади.
Шунингдек, 1 ноябрга қадар Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва вилоят ҳокимлиги биргаликда боғдаги Бухоро буғуларини яхлит сақлаш ва Зарафшон дарёсидаги сув сатҳи пасайиши сабабли келиб чиқадиган муаммоларга ечим сифатида таклифлар киритади.
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан тарғибот ва давлат экология назорат ишлари кучайтирилади.
Эндиликда Фанлар академияси "Зарафшон" миллий табиат боғи ҳудудида табиий объектлар мониторингини юритиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб боради.
Маълумт учун, Зарафшон миллий боғининг умумий майдони 2426,2 гектарга тенг бўлиб, у етти ҳудудга бўлинган. Миллий табиат боғидаги баҳайбат турангазорлар, чаканда, малинхула, ёввойи дўлана ва қуюқ тўқайзор бошқа ҳудудда айнан учрамайди.
Боғнинг учта ҳудуди сайёҳларни қабул қиладиган маскан сифатида танлаб олинган. Улар учун яёв юриш, машинада айланиш, велосипедда сайр қилиш, отда юриш маршрутлари бўйича хизмат кўрсатилади.