Ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг Туркманистонга кириш визасини олиши осонлашиши мумкин

Ўзбек ҳайдовчилари учун Туркманистонга кириш визасини бериш талабларини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистон Туркманистонга халқаро юк ташувчи ўзбек ҳайдовчилари учун республикага кириш визасини бериш талабларини соддалаштиришни таклиф қилди. Таклиф транспорт масалалари бўйича ўзбек туркман ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашувида билдирилди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарига кўра, транспорт вазири ўринбосари А.Мўминов “Туркмен автоулаглари” агентлиги раисининг ўринбосари В.Ходжанепесов билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган.

"Ўзбекистон томони автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошираётган ўзбек ҳайдовчилари учун Туркманистонга кириш визасини бериш талабларини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш юзасидан туркман томонига таклифларини билдирди", - дейилган хабарда.

Қайд этилишича, “Туркманбоши” порти орқали ўтувчи транспорт йўлаклари бутун минтақа учун муҳим ва бу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш зарур.
Томонлар транзит йўналишларда юк ташиш ҳажмини ошириш учун темир йўл инфратузилмасини янада модернизация қилиш, шунингдек, юк ташувларида транспорт харажатларини камайтириш мақсадида чегирмалар тақдим этиш чораларини кўришга келишиб олдилар.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт йўлагининг барча иштирокчилари билан Ашхобод шартномаси доирасидаги ишларни фаоллаштиришга келишиб олинди.