ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ёшлар туризми қурултойига ташриф буюрган хорижлик ёшлар ва ОAВ вакиллари Шаҳрисабз туманидаги Ғелон қишлоғига ташриф буюришди.
Қишлоқ шаҳар марказидан 100 км узоқликда ва тоғ ён бағирларида жойлашган. Аҳолиси асосан тожик миллати вакилларидан иборат. Уйлар синч ва лойдан қурилади, 5200 нафардан зиёд аҳоли рўйхатдан ўтган. Қишлоқдагилар асосан чорва молларини боқиш ва деҳқончилик билан кун кўришади. Ғелон муҳити ўзига хослиги ва табиийлиги билан сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортиб келмоқда.
“Қиш фаслида қалин қор ёққанлиги учун уйлар баланд ва мустаҳкам қилиб қурилади. Йўллар тор, лекин машиналар бемалол ҳаракатланади. Қишлоққа деярли ҳар куни сайёҳлар келиб, муҳитни томоша қилишади”, - дейди 90 ёшли онахон Инобат Рўзиева.
“Бунақа қишлоқ ва унинг архитектураси Ўзбекистонда йўқ. Даврийлиги 20 аср нарига боради. Қишлоқда замонавий уй кўринмади. Гувала, лойсувоқдан қурилган уйлар турк услубларига ўхшайди”, - деди радиожурналист Шарофиддин Тўлаганов.
Ғелон қишлоғи атрофида 4500-4700 м баландликдаги Кўл тоғлари жойлашган.
“Табиат манзараси ҳақиқатан чиройли, овқатлар ва барча егуликлар табиий. Мен мана шундай цивилизациядан узоқда, аммо деярли ҳар куни сайёҳлар келадиган ҳудудни илк бор кўришим. Очиғи жуда ҳайратдаман”, - деди қозоғистонлик меҳмон Шахмардан Жаксиликов.
Ғелон қишлоғига чиқишда “Ҳисорак” сув омбори қурилган, денгиз сатҳидан 1800-2000 м баландликда бўлиб, атрофдаги барча ҳудудларни сув билан таъминлайди.