ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. ШҲТ саммити арафасида 10-20 август кунлари “ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтидан Самарқанд шаҳрига ҳаракатланувчи автосаёҳат” лойиҳаси ҳамда XV халқаро “off road” фестивали ўтказилади. Бу ҳақида “Дунё” АА хабар берди.
Айтилишича, тадбирларни ўтказиш юзасидан ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, ХV халқаро “offroad” фестивали 11-14 август кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Амирсой дам олиш оромгоҳида бўлиб ўтади. Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда “Покатушки клуб Узбекистан” клуби билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Фестиваль кунлари мамлакатнинг сайёҳлик масканларига кириш бепул бўлади. Тадбир иштирокчилари учун Самарқанд бўйлаб саёҳат ташкил этилади.
Бундан ташқари, фестиваль доирасида турли маданий-кўнгилочар тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилади.
Фестиваль дастурига мувофиқ, республика бўйлаб автосаёҳат лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Фестивалда ШҲТга аъзо давлатлардан ҳаваскор автосайёҳларнинг иштирок этиши ҳам режалаштирилган.