Ўзбекистон Қозоғистон билан янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

Томонлар жаҳонда иқтисодий рақобат кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари Elite Line-2022 халқаро кўргазмаси доирасидаги учрашувда қўшма лойиҳаларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда “Янги Ўзбекистон” газетаси хабар берди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат корхоналари ўртасида ўз уюшмалари кўмагида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони таклиф этган қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни ҳам қайд этилди. Томонлар жаҳонда иқтисодий рақобат кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, иштирокчилар октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган UzCharmExpo-2022 халқаро кўргазмаси доирасида B2B форматидаги учрашувларни ташкил этиш бўйича келишувга эришди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ассоциациялари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича меморандум имзолади.