Байден Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги протоколларни имзолади

Испания, Греция, Португалия, Словакия, Туркия, Чехия ва Венгрия бу икки давлата аризаларини ҳозирча ратификация қилмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. АҚШ президенти Жо Байден Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши ҳақидаги протоколларни имзолади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Имзолаш маросими Оқ уйда бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбаридан ташқари вице-президент Камала Харрис ҳам иштирок этди.
“Мен қолган иттифоқчиларни ўзларининг ратификация тартибларини имкон қадар тезроқ якунлашга чақираман. Швеция ва Финляндияда кучли демократик институтлар, кучли армиялар, кучли ва шаффоф иқтисодиёт мавжуд. Улар НАТОга аъзо бўлиш учун барча мезонларга жавоб беради. Бизнинг бунга ишончимиз комил. Улар бу жараёнда америкаликларнинг хавфсизлигини оширувчи иттифоқни мустаҳкамлайди”, деди Оқ уй раҳбари.
9 август ҳолатига кўра, Испания, Греция, Португалия, Словакия, Туркия, Чехия ва Венгрия аризани ратификация қилмаган.
18 май куни Финляндия ва Швеция НАТО котибиятига альянсга кириш учун ариза топширди. Анқара дастлаб уларни кўриб чиқиш жараёни бошланишига тўсқинлик қилди, бироқ 29 июнь куни Туркия, Швеция ва Финляндия Туркия расмийларининг барча хавотирларини инобатга олган хавфсизлик меморандумини имзолади.
Аввалроқ Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Финляндия ва Швеция ҳудудига НАТО базаларини жойлаштириш бу мамлакатларни ҳимоя қилмаслиги, аксинча, ҳарбий инфратузилма жойлашган шаҳарлар аҳолисининг ҳаётини хавф остига қўйишини айтган эди.
Расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилган. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришини билдирган.