ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Ўзбекистондан бир гуруҳ ҳарбий тиббиёт ходимлари Халқаро армия ўйинларининг (АрМИ-2022) “Ҳарбий тиббий эстафета” мусобақасида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга етиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Ҳарбий тиббий эстафета отрядидаги йигит-қизларимиз Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ҳарбий тиббиёт академиясига жойлашди, ўқув базалари билан танишди ва академия ўқув базасида дастлабки машғулотларни бошлади”, - дейилган хабарда.
Ўзбекистон ҳарбийлари 2017 йилдан буён АрМИ ўйинларида қатнашиб келади. Қолаверса, ўтган йили улар ўйинлар доирасидаги барча мусобақаларда қатнашишган. Натижада улар фақат россиялик ҳарбийларга имкониятни бой бериб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Халқаро армия ўйинлари 13-27 август кунлари ўн икки давлат ҳудудида бўлиб ўтади. Ўзбекистонда беш йўналиш бўйича мусобақалар ўтказилади.