ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов Тошкентга расмий ташриф билан келган Тожикистон мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо раҳбарлигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида ҳамкорлик масалалари нафақат сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда, балки мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида ҳам мисли кўрилмаган босқичларга кўтарилгани таъкидланган.
Вазирлар мудофаа соҳасидаги ўзбек-тожик муносабатларининг ҳолати, уларни кенгайтириш чоралари ҳамда минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишди.
Музокаралардан сўнг Тожикистон ҳарбий хизматчиларини Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олишини ташкиллаштириш тўғрисида қўшимча шартнома имзоланди.
Шундан сўнг меҳмонлар мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамроҳлигида Ўзбекистон мудофаасини бошқариш миллий маркази фаолияти билан яқиндан танишишди.
Эслатиб ўтамиз, 4 август куни Термизда "Ҳамдўстлик—2022" Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари бошланган эди.