ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Умумтаълим мактаблари янги ўқув йилига тайёргарлик кўришни бошлади. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Янги ўқув йили бошланишига бир ойдан кам муддат қолди. Шу муносабат билан, 1-синф ўқувчиларини “Президент совғаси” ва ўқувчилар сонига мос равишда тўлиқ дарсликлар билан таъминлаш ишлари олиб борилади.
Шунингдек, янги қабул қилинган ва мактабдан кетган ўқувчилар ҳисобини олган ҳолда синфларни комплектлаш, синфлар сонидан келиб чиқиб ўқув режа, дарс соатлари тақсимоти (тарификация), ўқитувчилар билан таъминлаш ишларини олиб бориш жараёнлари ҳам бошланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, вазирлик маълум бир сабабларга кўра фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказишга қарор қилган ота-оналардан имкон қадар бу ишни тезроқ амалга оширишини сўрамоқда.
“Бу билан халқ таълими тизими масъулларига якуний ҳисоб-китобни қилиб, зарур ҳолатларда дарсликларни қайта тақсимотини ўз вақтида амалга оширишга ёрдам берган бўласиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ота-оналарнинг ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида ягона мактаб формаси талаби янги ўқув йилидан татбиқ этилмайди.