ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Кубанинг Матанзас провинцияси портида нефть омбори ёнаётган жойда ёнғин сиғими 50 минг тонна бўлган тўртта цистернани қамраб олди. Бу ҳақда Куба миллий ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Александр Авалос Хорхе маълум қилди.
“Бир қатор ёнғинлар содир бўлди, ҳозир тўртта боғланган омборлар зарар кўрди”, деган Авалос матбуот анжуманида.
Кубанинг Матанзас провинцияси портидаги нефть омборида ўтган жума оқшомида тахминан 25 минг куб метр нефть бўлган резервуар гумбазига чақмоқ уриши оқибатида кучли ёнғин бошланган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида жабрланган 125 кишидан 22 нафари шифохонада қолмоқда, беш нафарининг аҳволи оғир, 16 киши бедарак йўқолган, бир киши ҳалок бўлган.
Александр Авалоснинг сўзларига кўра, Куба тарихида бундай ёнғиннинг мисли кўрилмаган ва у аланга ўчирилиши вақтини олдиндан айта олмайди – “бу бир неча кун талаб қилиши мумкин”. Ўт ўчирувчилар ёнаётган резервуарларни совутиш билан бир қаторда, ёнғиннинг нефть маҳсулотлари ва бензин билан генератор мажмуалари ва 321-терминал ҳудудига тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Кубага ёнғинни ўчиришда ёрдам бериш учун бир кун аввал Мексика ва Венесуэладан самолёт ва вертолётлар, шунингдек, мутахассислар ва техникалар кела бошлади, 14 та шундай рейс аллақачон қабул қилинган.
Кубалик олимлар ёмғир суви намуналарини ўрганаётганликларини айтиб, яқин келажакда натижаларни ваъда қилган. Губернаторнинг сўзларига кўра, воқеа содир бўлган ҳудуддан 4800 га яқин одам эвакуация қилинган.