Касб-ҳунар мактабларига ҳужжатлар қабул муддати узайтирилди

Касб-ҳунар мактабларида ўқиш тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Ҳужжатлар kasb.edu.uz платформаси орқали қабул қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Касб-ҳунар мактабларига ҳужжатлар қабул муддати узайтирилди. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, ҳужжатларни қабул қилиш муддати 15 августга қадар узайтирилди.
“Битирувчи ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишини инобатга олиб, уларга бу борада керакли шарт-шароит яратиш мақсадида қабул муддати узайтирилди”, дейилади хабарда.
Ҳужжатлар kasb.edu.uz электрон платформаси орқали қабул қилинади.
Платформага киритиладиган ҳужжатлар:
туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ID карта маълумотлари;
3х4 ҳажмидаги фотосурат.
Маълумот учун, 2022/2023-ўқув йили учун 330 та касб-ҳунар мактабига жами 78 минг 490 та қабул параметрлари тасдиқланган.
Шундан, 75 470 та ўзбек, 930 та рус ва 2090 та қорақалпоқ тили гуруҳлари учун белгиланди.
Касб-ҳунар мактабларида ўқиш тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, касб-ҳунар мактабларига ҳужжатлар қабули 1 июлдан бошланган.