Запорожье вилоятида Россия таркибига киришга оид референдум ўтказилади

Вилоят раҳбари референдум ўтказиш тўғрисидаги тегишли фамойишга имзо чекди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Запорожье вилояти раҳбари Евгений Балицкий Россия таркибига киришга оид референдум ўтказиш тўғрисидаги фармойишни имзолади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

“Марказий сайлов комиссиясининг Запорожье вилоятининг Россия билан бирлашишига оид референдум ўтказишга тайёргарликни бошлаш тўғрисидаги фармойишини имзолаяпман”, - деди у Мелитополда бўлиб ўтаётган “Биз Россия билан бирга” форумида.

Унинг бу қарорини форум қатнашчилари гулдурос қарсаклар билан қарши олишди. Форумга бутун вилоятдан 700 нафардан зиёд делегатлар йиғилганди. Тадбир якунида Россия мадҳияси янгради.
Россиянинг махсус операцияси давомида армия Херсон вилояти ва Запорожье вилоятининг Азов қисми назорат остига олинди. Ҳар икки вилоятда янги маъмуриятлар тузилди, Россия телеканаллари ва радиостанциялари эфирга узатила бошланди, Қрим билан савдо алоқалари тиклана бошланди. Вилоятлар Россия таркибига кириш режаларини эълон қилди.