Тошкент аэропортида йўловчилар учун янги имкониятлар яратилади - тафсилотлар

Ҳудуддаги рўйхатга олиш, кутиш, багажни қабул қилиш ва чегара назорати зоналари кенгайтирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. “Тошкент” халқаро аэропорти ҳудуди йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида реконструкция қилинмоқда. Бу ҳақида Uzbekistan Airports хабар берди.
Айтилишича, ҳозирда “Тошкент” халқаро аэропортида “Тошкент-2” терминалини реконструкция қилишнинг иккинчи босқичи давом этмоқда.
Реконструкция натижасида қуйидагиларга эришилади:
Учиб кетиш терминалининг умумий майдони 44 001 кв.м дан 74 001 кв.м гача оширилади;
Ҳудудда рўйхатга олиш, кутиш, багажни қабул қилиш ва чегара назорати зоналарини кенгайтириш орқали катталаштирилади;
Аэропортнинг ўтказиш қобилияти ҳар соатда 1200 дан 2400 йўловчига ошади.
Шунингдек, йўловчилар ва кузатувчиларга қулайлик яратиш мақсадида учиб келиш зали олдидаги майдонни реконструкция қилиш, автотураргоҳларни автоматлаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилган.
“Иш учиб келиш зали олдидаги кичик автотураргоҳдан бошланди, сўнгра учиб келиш зали олдидаги майдон реконструкция қилинади, лойиҳага кўра, у уч қисмга бўлинган — тўхташ жойи, пиёдалар ҳудуди (скамейкалар, фавворалар, яшил ҳудудлар) ва алоҳида такси йўлаклари”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, автотураргоҳ учун харид қилинган янги жиҳозларни ўрнатиш яқин кунларда бошланади.
Янгиланган автотураргоҳда қуйидаги имкониятлар яратилади:
Сотиб олинган техник ускуналар ходимлар иштирокисиз кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини беради;
Маблағлар автоматлаштирилган онлайн касса терминалида нақд пулда, шунингдек, нақд пулсиз банк карталари ва мобил тўлов иловалари орқали қабул қилинади;
Тизимда автотураргоҳни олдиндан банд қилиш, шунингдек, масофадан туриб тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил илова мавжуд бўлади;
Ҳудуддаги автотураргоҳлар электромобилларни қувватлантириш шохобчалари билан жиҳозланади.
Ҳозирда бошқарув компанияси автотураргоҳнинг жойлашуви ва фойдаланиш давомийлигини (соат, кун) ҳисобга олган ҳолда тарифларнинг мослашувчан тизимини ишлаб чиқмоқда.