Шахмат олимпиадаси: Ўзбекистон Ҳиндистон-2 билан дуранг ўйнаб, пешқадамликни сақлаб қолди

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 10-тур доирасида Ҳиндистон-2 жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилаётган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ўнинчи турида Ҳиндистон-2 жамоасига дона сурди ва 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этди.
Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ўз партияларини дуранг натижа билан якунлади. Жавоҳир Синдаров мағлубиятга учраган бўлса, Нодирбек Абдусатторов кучли рақиб устидан ғалаба қозонди.
Қайд этиш жоизки, Абдусатторов қийин вазиятда бўла туриб, якунда ғалабани қўлга киритди. Унинг рақиби Гукеш Доммаражу эди. Доммаражу ҳам 9 та ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келаётганди.
Ушбу натижадан кейин Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг очколари 17 тага етди.
Шу тариқа, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида пешқадамлик қилишмоқда.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Парагвай терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этишди. Терма жамоа сафида Мафтуна Бобомуродова ва Афрўза Ҳамдамова ғалаба қозонган бўлса, Нилуфар Ёқуббоева ва Умида Омонова дуранг қайд этди.