Россиялик сайёҳлар Шаҳрисабз ҳунармандлари маҳсулотларини юқори баҳолашмоқда

Шаҳрисабз ҳунармандчилик класстерида асосан миллий зардўзлик, касаначилик ва каштачилик маҳсулотлари яратилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан Қашқадарёда ўтказиладиган “Ёшлар туризми” қурултойига келган ОАВ вакиллари Шаҳрисабз ҳунармандчилик класстери билан танишишди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
ОАВ вакиллари учун Шаҳрисабз ҳунармандчилик класстери шаҳардаги тарихий Амир Темур хиёбонида ташкил этилди. Мазкур кластерда асосан миллий зардўзлик, касаначилик ва каштачилик маҳсулотлари яратилади.
1 / 6
2 / 6
3 / 6
4 / 6
5 / 6
6 / 6
“Биз асосан “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирганларни иш билан таъминлаймиз. Ишчи ўрни 120 тага мўлжалланган. Россия, Тожикистон, Қиргизистон, ҳатто Европадан сайёҳлар келиб маҳсулотларимиздан харид қилишади”, - дейди Шаҳрисабз тумани Ҳунармандчилик кластери раҳбари Гулнора Чориева.
Кластерда миллий либослар, эркаклар ва аёллар қалпоқлари, дўппилар, ёстиқ, жойнамозлар, кулолчилик маҳсулотлари тайёрланади. Сайёҳлар уларнинг асосий харидорлари саналади.
“Бу йили Россиядан кўплаб сайёҳлар келишди. Миллий либосларимизни нозик дид билан баҳолашади. Тикувчи ва ҳунармандларимизга буюртмалар беришади. Биз улардаги таассуротларни кўриб яна ҳам тўлқинланиб ишлаймиз”, - дейди Чориева.
Оилавий “Шаҳри Кеш” фирмаси раҳбари Зулайҳо Мамадиеванинг сўзларига кўра, миллий каштачилик миллат урф-одатларини кўрсатиш билан бирга, ҳунарманд ёшларни иш билан таъминлаш имконини беради. У қирқ нафарга яқин ёш талабаларни иш билан таъминлаган. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшларга ҳунар ўргатмоқда.
Маълумот учун, “Ёшлар туризми” қурултойи 8-12 август кунлари Шаҳризсабз шаҳрининг “Лочин” лагерида бўлиб ўтади.