Газ ҳисоблагичларини ўрнатишни октябрь ойида якунлаш режалаштирилмоқда

Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси 5 август куни “Республика истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, 2022 йил октябрь ойида табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси тўлиқ амалга оширилиши зарур. Ҳудудларда ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда биллинг тизими тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичлар ушбу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилади.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни “газ тақсимлаш станцияси - туман (шаҳар) чегараси - йирик участкаларнинг кириш қисми - истеъмолчи” технологик занжири асосида 1 800 та электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш ва мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилади.
Ҳужжат билан 2022-2024 йилларда республика ҳудудларидаги ер участкаларида жойлашган аҳоли хонадонларининг газ таъминоти тизимини икки босқичли тизимга ўтказишнинг мақсадли кўрсаткичлари, шу йилларда “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг газ таъминоти тизимини модернизация ва реконструкция қилиш чора-тадбирларининг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.