Alibaba платформасида Ўзбекистон савдо майдончаси ишга тушади

Сентябрь ойидан платформа орқали Ўзбекистон товарларини тарғиб қилиш ишлари бошланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Шу йилнинг сентябрь ойида Alibaba.com платформасида Ўзбекистоннинг миллий онлайн савдо майдони ишга тушади. Бу ҳақида “Дунё”АА хабар берди.
Қайд этилишича, электрон тижоратни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консуллиги ташаббуси билан “Alibaba.com онлайн платформасида Ўзбекистон товарларини тарғиб қилиш” мавзусида онлайн тақдимот бўлиб ўтди.
Хитой компанияси ходимлари Ўзбекистон тадбиркорлари учун платформанинг имкониятлари, савдо шартномалари, ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тақдимот ўтказди.
Қолаверса, Ўзбекистон миллий онлайн-павильонига уланиш жараёни ҳақидаги тафсилотлар ҳам маълум қилинди.
Маълумот учун, Alibaba.com дунёдаги энг йирик B2B савдо платформаларидан бири бўлиб, у дунёнинг 190 та давлатида фаолият юритади.