Хитойда 900 йиллик тарихга эга кўприк қулаб тушди

Фуцзянь провинциясида жойлашган Ваньань кўприги куйиб кул бўлди ва қулаб тушди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Хитойдаги 900 йиллик тарихга эга энг узун равоқсимон кўприк ёнғин сабаб қулаб тушди.
Фуцзянь провинциясида жойлашган Ваньань кўпригидаги ёнғин 6 август куни кечқурун бошланган ва маҳаллий вақт билан соат 22:45 да ўчирилган.
“Ҳозир кўприк куйиб кул бўлиб, қулаб тушди. Ҳеч ким жабрланмади”, - дейилган хабарда.
Ваньань кўприги бундан 900 йил илгари Сун сулоласи (960-1279 йиллар) даврида қурилган. Кўприк 1708 йилда ёнғиндан зарар кўрган ва 1742 йилда қайта тикланган эди. Кейинчалик у бирор марта ҳам таъмирланмаган. У 1991 йилда минтақа даражасида муҳофаза қилинаётган объект мақомини олган, 2006 йилда эса бу миллий даражагача кўтарилган.
Хитойнинг “Global Times” нашри Ваньань кўприги (98,2 метр) Хитойдаги энг узун ёғоч равоқсимон кўприк бўлганини таъкидлаган.