ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. "АрМИ-2022" Халқаро армия ўйинларининг “Хавфсиз муҳит” йўналишидаги мусобақаларда иштирок этувчи барча жамоалар Марказий ҳарбий округнинг Самарқанддаги "Сазаган" дала-ўқув майдонида етиб келишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кеча, 6 август куни ушбу мусобақада иштирок этувчи охирги давлатлар — Россия ва Беларусь жамоалари Хонобод аэродромида кутиб олиниб, дала ўқув майдонига жойлаштирилди.
Дала-ўқув майдонида меҳмонлар тантанали равишда ўзбекона урф-одатларга кўра кутиб олинди ҳамда саф майдонида давлатларнинг давлат мадҳияси янгради ва байроқлар кўтарилди.
Шунингдек, "АрМИ-2021" доирасидаги мусобақада ғолиб бўлган Хитой жамоаси ташкилотчи бўлган Ўзбекистон томонига “Хавфсиз муҳит” мусобақасининг кўчма кубогини топширди.
“Хавфсиз муҳит” мусобақаси кўчма кубоги
© Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги
Бу мусобақада Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Эрон, Хитой ва Вьетнам ҳарбий жамоалари ўзаро беллашишади.
"АрМИ-2022" Халқаро армия ўйинлари 13 августидан 27 август кунига қадар дунёнинг 12 та давлат ҳудудида ўтказилади. Бу йил Ўзбекистонда илк бор бирданига 5 та йўналишдаги мусобақалар ўтказилади.