ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Саудия Арабистони икки йилдан сўнг Муқаддас Каъба атрофидаги тўсиқларни олиб ташлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
“Эндиликда бутун дунё мусулмонлари қатори ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам Каъбаи муаззамани қўли билан ушлаб, Ҳажарул-асвадни ўпиб, тавоф қилиш имконига эга бўлишди”, - дейилади хабарда.
“Islam.ru” нашрига кўра, Икки Муқаддас Масжид ишлари бўйича Бош раиси шайх доктор Абдураҳмон бин Абдулазиз Судайс томонидан тегишли қарор эълон қилинган.
Зиёратчилар етти марта тавоф қиладиган Каъбани ўраб турган ҳудуд 2020 йил март ойида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида стерилизация қилиш учун ёпилганди. Ўшанда Умра ё Ҳаж қилувчиларга масофадан туриб тавоф қилиш айтилганди.
Ас-Судайснинг айтишича, бу қарор Саудия Арабистони раҳбариятининг масжидга ташриф буюрувчиларга кўрсатган ғамхўрлиги ва Умра мавсуми бошланиши билан масжидда зиёратчилар сонининг ортишини ҳисобга олиб, Умра амалларини эмин-эркин бажаришлари учун имконият яратиш мақсадида қабул қилинган.