Ҳунармандлар даври келди – Ҳотамова

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдосига 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Аҳолининг маданий ҳордиқ олиши ва хорижий сайёҳларга муносиб совғалар тақдим этиш мақсадида 19-21 август кунлари Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида “Тошкент сувенирлари” номли кўргазма-савдоси ўтказилади.
Уч кун давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг машҳур ҳунармандларидан миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар сотиб олишлари, уларнинг тайёрланиш жараёнларини кузатишлари ва ўзлари бу жараёнда бевоcита иштирок этишлари, шунингдек, кўтаринки кўнгилочар дастурни томоша қилишлари мумкин.
“Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамованинг Sputnik мухбирига маълум қилишича, тадбирдан кўзланган яна бир мақсад ёш ҳунармандларни иш билан таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Ишсиз ёшлар келиб, ҳунарманд усталарга шогирд тушишлари ва маҳоратларини оширишлари мумкин.
Кўргазма-савдода республиканинг барча ҳудудларидан 200 нафардан зиёд ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий матолар адрас атлас, заргарлик буюмлари, кулоллик, гиламчилик, зардўзлик ва ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида маҳорат дарслари билан иштирок этади.
“Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси давомида бизнес вакиллари ҳунармандлар билан фойдали шартномалар тузишлари ҳам мумкин бўлади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кўргазма-савдога 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюради.
“Бу галги кўргазма-савдода республиканинг илғор уста ҳунармандлари ўз маҳоратларини намоён этадилар. Бир сўз билан айтганда, ҳунармандлар даври келди. Ўйлайманки, тадир кутилмаган совғаларга бой бўлади”, - дея хулоса қилди Ҳотамова.
Мазкур тадбир Ўзбекистонда илк бор 2018 йилда ўтказилган.
Аввалроқ Тошкентда 6 ва 7 август кунлари “Yangiamarket” ҳунармандлар, рассомлар, гастро-ҳаваскорлар ва мусиқачиларнинг иккинчи фестивали бўлиб ўтиши хабар қилинган эди.

Мавзуга оид:

Бухорога Жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилди
Имконияти чекланган тадбиркорларга қандай ёрдам кўрсатилмоқда - видео
Мирзиёев Риштондаги кулолчилик марказини кўздан кечирди