АҚШ Сенати Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришини маъқуллади – ОАВ

АҚШ Сенати Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш протоколларини ратификация қилишни маъқуллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. АҚШ Сенати Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш протоколларини ратификация қилиш учун овоз берди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.
95 сенатор резолюцияни ёқлаб (зарур бўлган чегара 67 нафар сенатор), фақат биттаси қарши овоз берди. АҚШ парламентлари Финляндия ва Швециянинг иттифоққа қўшилиши ҳақидаги ҳужжатларни ратификация қилган 20 дан ортиқ мамлакатлардан бирига айланди.
АҚШ президенти Жо Байден энди бу давлатларнинг НАТОга кириши ҳақидаги тегишли фармонни имзолаши керак. У “протоколларни имзолашни интиқлик билан кутаётганини” айтган.
“Қўшма Штатлар Швеция ва Финляндия хавфсизлигига содиқ қолади. Биз биргаликдаги хавфсизлигимиз учун юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай таҳдидларга қарши биргаликда ҳушёр бўлишда давом этамиз”, дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, июнь ойи охирида Мадридда бўлиб ўтган Шимолий Атлантика альянси саммити олдидан Стокгольм, Хельсинки ва Анқара Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа қўшилиши бўйича музокаралар бошланишини таъминловчи хавфсизлик меморандумини имзолади.
Улар терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партиясига (ПКК) қарши чоралар кўриш, маълумот алмашиш ва экстрадиция бўйича келишувга келишиб олди. Анқара аввалроқ Стокгольм ва Хельсинкининг ПККни қўллаб-қувватлашидан қўрқиб, аъзолик жараёни бошланишини тўхтатиб турди.
Шу билан бирга, Москва иттифоқнинг мақсади қарама-қаршилик эканини бир неча бор таъкидлаган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, блокнинг янада кенгайиши Европа учун катта хавфсизликни ваъда қилмайди.