ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Ўзбекистонда мустақилликнинг 31 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиор остида ўтказилади. Бу ҳақида 2 август куни президент томонидан қабул қилинган қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” бош ғояси асосида ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилади.
Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда кенг нишонланланади.
Барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида турли тадбирларни ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилади.
Жойларда байрамни юқори савияда ўтказиш мақсадида қуйидаги масалаларга эътибор қаратилади:
мамлакатда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш;
турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш;
бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларнинг ижобий натижаларини кўрсатиш.
Қолаверса, байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилиши кўзда тутилган.