Ўзбекистон шахмат жамоаси Словакия устидан ғалаба қозонди

Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 5 турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида давом этаётган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 5 турида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ғалабага эришди. Бу ҳақида Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди.
Шу кунгача мусобақада уч ғалаба ва битта дуранг қайд этган жамоа 5 турга келиб Словакия терма жамоаси устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлаб халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Словакия терма жамоасининг биринчи тахтадаги вакили, халқаро гроссмейстер Жергуск Пехасни мағлуб этди.
Жавоҳир Синдаров эса Жураж Друскадан устун келди.
Нодирбек Ёқуббоев Виктор Газикни мағлубиятга учратган бўлса, Жаҳонгир Воҳидов Кристофер Репкага ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Шу тариқа 5 турдан сўнг Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 4 ғалаба ва бир дуранг билан кучли ўнликда боришмоқда.
Ҳозирда эркаклар жамоаси ҳисобида 9 очко бор.
Эслатиб ўтамиз, шахмат олимпиадасининг тўртинчи кунида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси дуранг, аёллар терма жамоаси эса ғалаба қайд этганди.