Москва Пелосининг Тайванга ташрифига муносабат билдирди

Россия ТИВ Пекин Тайвань масаласида ўз суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга ҳақли эканини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Москва Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифини очиқ провакация сифатида баҳолайди. Бу ҳақида Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда келтирилган.

“2 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга келди. Биз унинг ташрифини АҚШнинг Хитой Халқ Республикасини ҳар томонлама тўсиш бўйича агрессив чизиғи руҳидаги очиқ провокация сифатида баҳолаймиз”, - дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Тайвань бўғози атрофидаги вазият Хитойнинг соф ички иши эканлигини ва Пекин Тайвань масаласида ўз суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга ҳақли эканини таъкидлади.
“Бу борада Россиянинг принципиал позицияси ўзгаришсиз қолмоқда. Биз фақат битта Хитой борлиги, ХХР ҳукумати бутун Хитойни ифодаловчи ягона қонуний ҳукумат ва Тайвань Хитойнинг ажралмас қисми эканлигидан келиб чиқамиз”, - дейилади баёнотда.
Шунингдек, Россия ТИВ Вашингтонни минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликка путур етказувчи ҳаракатлардан тийилишга, Америка гегемонлигига ўрин қолмаган янги геосиёсий воқеликни тан олишга чақирди.
Вазирлик эслатишича, Россия ва Хитой раҳбарларининг 2022 йил 4 февраль куни Пекинда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича халқаро муносабатлар янги даврга кираётгани ва глобал барқарор ривожланиш масалалари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда Россия томони “ягона Хитой” тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳамда Тайвань оролининг мустақиллигига қарши чиққан.
Маълумот учун, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг самолёти 2 август куни Тайпей аэропортига қўнди. Бу Қўшма Штатлар расмий вакилининг 1997 йилдан буён ушбу оролга амалга оширилган биринчи ташрифи бўлди.
Хитой Тайванни ўзининг ажралмас қисми деб билади ва сўнгги 50 йил давомида “ҳудудий яхлитлик” сиёсатини ўтказмоқда. Шу сабабли ХХР Тайпей вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг юқори мартабали амалдорлари ва ҳарбийлари ўртасидаги ҳар қандай алоқага доимо қарши чиқиб келган.
Хитойнинг БМТдаги расмий вакили Чжан Цзюнга кўра, хорижий давлатлар томонидан Хитой ва Тайваннинг “ҳудудий яхлитлик” тамойилни менсимаслик – бу “қизил чизиқ”дан ўтишдир.