ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Ўзбекистон VIII Халқаро армия ўйинларининг 5 та йўналишига мезбонлик қилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
"АрМИ-2022" Халқаро армия ўйинлари 13 августидан 27 август кунига қадар дунёнинг 12 та давлат ҳудудида ўтказилади.
“Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги армия ўйинларининг 20 та йўналишида иштирок этади. 34 та йўналишни қамраб олган мусобақаларда 37 та давлатдан 275 та жамоа ўзаро беллашади. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудида илк бор мусобақаларнинг 5 та йўналиши бўлиб ўтади”, дейди Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи полковник Отабек Юлдашев.
Ўзбекистонда ўтказиладиган мусобақлар:
Жиззахдаги Фориш полигонида “Дала ошхонаси” ва “Қуролсоз уста” мусобақалари;
Самарқанддаги “Сазаган” полигонида “Хавфсиз муҳит”, Шарқий ҳарбий округда “Йўл патрули” мусобақалари;
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Содиқ дўст” мусобақаси.
Шунингдек, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоалари бир қатор давлатларда ташкил этиладиган мусобақаларда иштирок этади.
Улар қуйидагилар:
Россия ҳудудида “Элбрус ҳалқаси”, “Автозирхли танк-техника устаси”, “Қўшинлар разведкаси аълочиси”, “Танк биатлони”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Ҳарбий ралли”, “Муҳандис формуласи”;
Мўғулистонда “Отлиқ марафон”;
Беларусь Республикасида “Ишончли қабул” ва “Қутб юлдузи”;
Қозоғистонда “Армия тактик ўқчиси” ва “Меридиан”;
Венесуелада “Мерганлик марраси”;
Жазоирда “Десант взводи”;
Эронда “Профессионал мерган”.
Ўзбекитсон ҳудудида бўлиб ўтадиган барча мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўрилган.
Шунингдек, барча ҳудудларда жамоа иштирокчилари учун WI-FI ҳудудлар, 200 Мбит/с гача юқори тезликдаги интернет хизматлари, валюта айирбошлаш шаҳобчаси, маҳаллий мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, савдо нуқталари ҳамда матбуот марказлари ташкил этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ўтган йилда ўтказилган халқаро армия ўйинларида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган. Умумжамоа ҳисобида 2 ўринни эгаллаб, жами 37 та рекорд натижадан 10 тасини мамлакат ҳарбий хизматчилари янгилаган эди.