Маҳкумларнинг колониядаги иш стажини умумий стажга қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда

Ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ўзбекистонда маҳкумларнинг колониядаги иш стажи уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилиши кутилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, биринчи ўқишда қабул қилишди.
Қайд этилишича, ҳужжат озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, меҳнатга жалб этилган маҳкумларнинг колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этиш ва уларнинг тузалиш йўлига ўтганини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, маҳкумларга рағбатлантириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини кўриш учун асос бўладиган маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи аниқ мезонлар белгиланяпти.