Вучич Россияга Косоводаги вазиятни тўғри тушунгани учун миннатдорлик билдирди

Сербия президенти Александр Вучич Россия ТИВга Косово билан боғлиқ вазиятда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Сербия президенти Александр Вучич Россия Ташқи ишлар вазирлигига Косоводаги вазият кескинлашувида кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирмоқда.
Қайд этилишича, Вучич душанба куни кечқурун Бош штабга ташриф буюрган ва Косоводаги кескинлашув сабаб Сербия армияси қўмондонлиги билан суҳбатлашган.

“Мен айниқса Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига нима бўлаётганини аниқ тушунгани ва жуда тўғри муносабатда бўлгани учун раҳмат айтмоқчиман”, - дея таъкидлаган у.

Шунингдек, Сербия президенти Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель ва Европа Иттифоқининг бошқа вакилларига “тўғри муносабат” учун миннатдорлик билдирган.
Аввалроқ, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Приштинани провокацияларни бас қилишга ҳамда Косоводаги серблар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирганди.
6 июль куни Сербия президенти Александр Вучич Европарламент резолюциялари ва чақириқларига қарамай Белград ўзини ўзи эълон қилган Косово Республикаси билан ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни имзолашдан бош тортганини маълум қилди.