Ўзбекистон ва Россия биргаликда метеорология йўналишида мутахассислар тайёрлайди

Соҳада мутахассисиларни тайёрлашга талаб юқори. Дунё миқёсидаги иқлим ўзгариши, Марказий Осиё жумладан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди- мутахассис.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия биргаликда метереология йўналишида мутахассислар тайёрлайди. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий университети Гидрометеорология факультети декани, доцент Комилжон Рахмонов Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Миллий университети ва Россия Давлат Гидрометеорология университети билан ҳамкорликда 2022-2023 ўқув йили учун икки дипломлик сиртқи қўшма таълим дастурига қабул бошланди. Қўшма таълим дастурида 50 дан ошиқ абитуриентларни қабул қилиш режалаштирилган.
Комилжон Рахмоновнинг сўзларига кўра, “Метеорология ва иқлимшунослик” таълим йўналишида мутахассисларни тайёрлаш учун Ўзгидромет, РДГМУ ва ЎзМУ ўртасида шартнома тузилган. Ўқитиш жараёнида Ўзгидромет базасида мавжуд лабораториядан фойдаланилади.
“Ушбу соҳада мутахассисиларни тайёрлашга талаб юқори. Сабаби, бугунги кундаги дунё миқёсидаги иқлим ўзгариши, Марказий Осиё жумладан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди. Бу борада бугунги кунда иқлим ўзгариши унинг қор ва музликларга таъсири, иқлим ўзгаришининг сув ресурслари ва инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш ва прогноз қилиш масалалари ўта муҳимдир. Бу бўйича РДГМУ ва ЎзМУ олимлари билан ҳамкорликда шу соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган”, дейди Комилжон Рахмонов.
Келажакда талабалар Ўзгидромет тизимида, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтида, ОТМда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимларида, сув хўжалиги вазирлиги тизимида, қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида фаолият олиб боришлари мумкин.
Шунингдек, РДГМУ ёки ЎзМУда магистратурага қабул қилинишлари ҳамда келажакда ушбу ОТМларида ўз илмий фаолиятларини давом эттиришлари ҳам кўзда тутилган.
Абитуриентлардан талаб этиладиган ҳужжатлар:
Сканерлаштирилган шаҳодатнома, диплом (рангли вариант)
Сканерлаштирилган паспортингиз (рангли вариант)
Расм 3,5х4,5 (jpeg)
Ҳужжатлар 20 августга қадар қабул қилинади. Абитуриентлар математика ва рус тили фанларидан тест топширишади.
Дарслар ҳар икки университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.