ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг қатор ҳудудларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар етказилгани муносабати билан президент Иброҳим Раисийга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таскин-тасалли сўзларини етказишни сўради, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади”, - дейилади хабарда.
Муссон ёмғирлари Эронда кучли сув тошқинларини келтирб чиқарди. Табиий офат мамлакатнинг 111 та шаҳри ва 310 та қишлоғига зарар етказди. Маҳаллий ОАВлар Эрондаги сув тошқинлари оқибатида 69 киши қурбон бўлганини хабар қилишмоқда. Қурбонлар сони бундан зиёд бўлиши мумкинлиги истисно қилинмаяпти. 45 киши, жумладан 3 нафар Ироқ фуқароси дараксиз йўқолган.